ИККИНЧИ ТОИФАГА ТАЛАБГОР ЎҚИТУВЧИЛАР ТЕСТ СИНОВЛАРИ ҚАНДАЙ ЎТМОҚДА?

Бугунги кунда Халқ таьлими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларидаги малакали ўқитувчилар сафини кенгайтириш ҳамда кадрларнинг сифат таркибини яхшилаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири иккинчи тоифали ўқитувчилар фоиз кўрсаткичини ошириш  мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва юртимизнинг барча ҳудудларида 3 январьдан 10 январьга қадар тест синовлари ўтказилаётганидир. Жараёнлар ўқитувчиларга янада қулай бўлиши учун унда иштирок этадиган жами 42 411 нафар ўқитувчининг қайси гуруҳда қатнашиши, тест синовларида иштирок этадиган куни ва соати олдиндан аниқ белгилаб қўйилган.

Ўқитувчилар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий институтларида интернетга уланган компьютерлар орқали онлайн платформада тест топширмоқда. Ҳар бир ўқитувчининг тест тизимига кириши учун алоҳида “шахсий кириш коди”яратилган  ва у фақатгина белгиланган кузатувчилар орқали комьпютерга киритилади. Бу эса тест синовларининг шаффоф тарзда ўтказилишини юқори даражада таьминлайди.

Тест жараёнларида жамоат назорат тартибини ўрнатиш ҳамда ўринга ўрин киришни олдини олиш, ўқитувчиларнинг уяли алоқа воситалари ва бошқа нарсалардан синов пайтида фойдаланишини олдини олиш мақсадида аудиторияларга кириш олдидан ички ишлар ходимларининг шахсни тасдиқловчи ҳужжатни текшириш ва уяли алоқа воситалари назорати йўлга қўйилган.

Тест жараёнларининг адолатли ўтишини таъминлаш ва ўқитувчиларнинг синов пайтида қўшимча нарсалардан фойдаланишини олдини олиш мақсадида ҳар бир аудиторияга кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, кутиш залларида жараёнларни тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилган.

Тест жараёнлари ҳақида иккинчи тоифага давогар Наманган вилояти Наманган шаҳри 52-сонли умумтаълим мактаби  она тили фани ўқитувчиси Саломова Гавҳаройдан сўрадик:   

  • Бугунги иккинчи тоифа бериш учун ўтказилаётган тест синовлари яхши ташкил қилинган. Ҳар томонлама, биз, ўқитувчиларга қулайлик яратилган, аттестацияга вақтидан олдин келганлар учун иссиқ кутиш жойлари, овқатланиш учун шароитлар яратилган. Ҳатто ўқитувчилар соғлиғини назорат қилиш учун тиббиёт ходимлари ҳам бириктирилган. Барчаси устозлар учун хизмат кўрсатмоқда. Тест синовларини ҳеч қандай муаммосиз ишлаб чиқмоқдамиз. Биз бундан хурсандмиз. Шунга яраша яхши натижалар кўрсатамиз, деган умиддамиз. 

 

Ҳар бир хонада Халқ таьлими вазирлиги, Халқ таьлими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази, Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ва малака ошириш институтлари мутахассислари  тест жараёнини адолатли ўтишида кузатувчилик қилишмоқда.

Бу борадаги ҳолат бўйича Халқ таьлими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассиси Жамшид Алимқулов қуйидагиларни баён қилди:

  • Ўқитувчи тест ишлаб бўлиши билан дарҳол комьпютер автоматик тарзда тест натижасини кўрсатиб беради. Агар ўқитувчи тест натижаларидан қониқмаган бўлса, албатта, апелляция бериши имкони мавжуд. Лекин ўқитувчи синов пайтида уяли алоқа воситасидан фойдаланса ва бошқа қоидага зид ҳаракатларни амалга оширса ёки ўринга ўрин кирганлик ҳолати аниқланса, кузатувчилар томонидан далолатнома тузилиб, ўқитувчи тест жараёнидан четлаштирилади.

Тест синовлари ўқитувчилар билимини яна бир бор синовдан ўтказмоқда. Ҳақиқий билими бор ўқитувчилар синовдан ўтиб, иккинчи тоифага эга бўладилар. Бу эса келажак ёш авлодга билим бера оладиган ўқитувчилар сифат таркибини ҳамда таълим тизими ривожлантиришга хизмат қилади. Зеро, билими кучли ўқитувчилари бор юртнинг фарзандлари доно бўлади.



 

Scroll to Top